Toshkent kimyo-texnologiya instituti Shahrisabz filiali

Ҳудудларда малакали кадрларни тайёрлаш — пировард мақсад

 

Мамлакатимизда кейинги йилларда илм-фан соҳасидаги долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш,  янги илмий муассасалари ва йўналишларни ташкил қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали ана шу саъй-ҳаракатлар ҳосиласидир. Мазкур филиал Қашқадарё вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати салоҳиятини янада ошириш ва иқтисодиётнинг базавий тармоқларида олий маълумотли кадрларни тайёрлашни кенгайтириш мақсадида вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги қарори асосида ташкил этилган.

Ҳудудда кимё ва озиқ-овқат саноати соҳасининг ривожланиши истиқболлари ва устувор вазифаларини замонавий техника ҳамда технологик инвестицияларни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёжи юқори бўлган мутахассисликлари бўйича амалий кўникмаларни эгаллаган малакали кадрларни тайёрлаш, кимё ва озиқ-овқат технологияларининг барча йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш корхоналарнинг муаммоларни ҳал этишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш, ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълимда илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳалардаги Республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳам ҳамкорлик алоқаларни кучайтириш филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Мазкур таълим муассасасида айни вақтгача етти йўналишга 64 нафар профессор-ўқитувчи 1200 дан зиёд талабага билим берган бўлса, 2021 йилдан эътиборан йўналишлар сони 10 тага кўпаймоқда.

Кундузги таълимда талабалар метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштиришни бошқариш, кимёвий-технология, озиқ-овқат технологияси, виночилик технологияси, бижғитиш маҳсулотлари ва алкоголсиз ичимликлар технологияси, функционал овқатланиш ва болалар маҳсулоти технологияси йўналишлари бўйича билим олишади.

Сиртқи таълим талабалари эса технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш, технологик машина ва жиҳозлар, кимёвий-технология ҳамда озиқ-овқат технологияси йўналишлари бўйича ўқитилади. Бунинг учун филиалда барча шароитлар яратилган базавий олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар жалб этилган. Ўқув хоналари, лабораториялар энг сўнгги замонавий технология ва жиҳозлар билан таъминланган. Масофавий таълим учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Испаниянинг Кантабря университети, Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети, Беларусь давлат технологиялари университети каби етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда талабаларнинг қисқа ва узоқ муддатли курслари конференция ва семинарларда иштирок этишини таъминлаш, таълим дастурларини жорий этиш, таълим жараёнига хорижий малакали мутахассисларни жалб этиш каби бир қатор муҳим вазифаларни амалга оширмоқда.

Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига эришиш мақсадида филиал вилоятимизда жойлашган йирик саноат корхоналари билан ҳам самарали ҳамкорлик ўрнатган. Ва бугунги кунда талабаларимиз ўз танловлари асосида ушбу корхоналарда амалиёт ўташмоқда.

Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиалининг «Озиқ-овқат маҳсулотлари технологияси» кафедраси мудири Адҳамжон Норқобилов бугунги талаба-ёшлар ҳаётида амалиётнинг нақадар муҳимлиги ҳақидаги фикрларини баён этди:

— Барчамизга маълумки Ўзбекистон Республикасида Олий таълим тизими тасарруфидаги Олий таълим муассасаларида таълим турли амалиёт шакллари (танишув, малакавий, ишлабчиқариш) билан узвий боғланган. Ўқув жараёнининг бир элементи сифатида ушбу амалиёт шакллари орқали талабалар дарсларда олган назарий билимларини технология ва техниканинг замонавий усулларидан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш шароитларида қўллаб кўриш имкониятига эга бўладилар.

Амалиёт даврида талабалар уларга қўйилган масаладан келиб чиқиб мустақил равишда маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш, олинган назарий билимларни амалиётда қўллаш, ишлаб чиқариш жараёнида қўлланиладиган қурилмалар ва технологияларни яқиндан ўрганиш бўйича малакаларини ошириб бориш билан бир қаторда жамоада ишлаш ва ўз-ўзини назорат қилиш кўникмаларини ҳам эгаллаб борадилар.

Потенциал иш берувчиларнинг ҳозирги кунда қўяётган муҳим талабларидан бири ишчиларнинг профессионал компетентлиги бўлиб, талабалар амалиётларда ўзининг компетентлигини баҳолаш билан бир қаторда уларни олий таълим муассасасида ўқиш мобайнида сайқаллаб борадилар.

Амалиётларни ташкил этиш орқали машғулотларни олиб бориш талабалар ва ўқитувчиларнинг кўп қиррали ва ўзаро боғлиқ фаолияти сифатида қаралиши керак, жумладан:

• ўқитувчи томонидан маълум бир корхона шароитидан келиб чиқиб талаба учун мустақил ўрганилиши керак бўлган асосий саволлар рўйхати берилган индивидуал амалиёт дастурини ишлаб чиқиш;

• индивидуал топшириқларни топшириш вақти, шу жумладан курс ва диплом лойиҳаларини тайёрлаш учун ҳақиқий материалларни йиғиш;

• талаба томонидан ўқув жараёнида ва амалиёт даврида олинган маълумотларни таҳлил этиш, ўрганиш, қайта ишлаш ва ўзлаштириш; дарсларда олинган назарий билимларини амалда синаб кўриш;

• ўқитувчи томонидан талаба ўқув маълумотларини ўзлаштиришда мустақил, режаланган, истиқболли ва натижавий бўлиши учун ташкилий ва услубий кўрсатмаларни тайёрлаш.

Амалиёт даври учун талабалар фаолияти олий таълим муассасаси томонидан тасдиқланган ўқув-меъёрий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Барча турдаги амалиётлар талабаларнинг касбий ўз-ўзини англашида ва уларнинг ўз касби бўйича ишлашига меҳр ошишида ижобий таъсир кўрсатади.

Иш берувчилар ҳам ушбу масалага жиддий ёндашиб истиқболли режалар сифатида қарашса бу фақат халқ равнақи учун, ватан равнақи учун ривожланиш учун хизмат қилади.

Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиалининг ўқув-услубий бўлими бошлиғи Махмудов Обиджон шу икки йил ичида филиалда олиб борилган ишлар хусусида қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирди:

— Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати салоҳиятини янада ошириш ва иқтисодиётнинг базавий тармоқларида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида 2019- йил ташкил этилди.

Дастлабки йили филиалда 118 нафар талаба таҳсил олган бўлса 2020-2021 ўқув йилига келиб талабалар сони 1200 нафарни ташкил қилмоқда. Ҳозирда филиалимизда етти турдаги «5322800-Функционал овқатланиш ва болалар маҳсулотлари технологияси», «5321000-Озиқ-овқат технологияси (маҳсулот тулари бўйича)”, «5320300-Технологик машина ва жиҳозлар (тармоқлар бўйича)”, «5311000-Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш (тармоқлар бўйича)”, «5320400-Кимёвий технология (ишлаб чиқариш турлари бўйича)”, «5310900-Метрология, стандартлаштириш ва маҳсулот сифати менежменти (тармоқлар бўйича)”, «5322500-Виночилик технология, бижғитиш маҳсулотлари технологияси ва алкоголсиз ичимликлар технологияси» йўналишлари мавжуд.

Филиалимизда мунтазам равишда талабаларни келгусидаги турли хил касбий фаолиятга йўналтириш бўйича «Соҳанинг етакчи иш берувчи корхоналари вакиллари» билан тез-тез давра суҳбатлари ўтказилди.

Қашқадарё вилоятидаги нуфузли корхоналар, жумладан: «Шўртан Газ Кимё мажмуаси», «Шўртан Нефть ва Газ қазиб чиқариш» корхонаси, Шаҳрисабз «Дон-Халқ Ризқи» АЖ, Шаҳрисабз «Вино-Ароқ» АЖ, «Муборак нефть ва газни қайта ишлаш» корхонаси, Шаҳрисабз «EAST-AGRO INTERNATIONAL» МЧЖ вакиллари ҳамда талабалар билан учрашувлар ташкил қилинди. Учрашувларда талабаларга корхонанинг фаолияти ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида маълумотлар берилиб саволларига жавоб берилди.

Филиалимиз талабалари ўқув сессияларини муваффақиятли якунлашиб жами 65 турдаги турли хил ишлаб чиқариш ва саноат корхоналарида танишув ва малакавий амалиётларини бошлашди. Амалиётлар нуфузли корхоналарда олиб борилмоқда. Корхоналар рўйхатида «Шўртан Газ Кимё мажмуаси», «Шўртан Нефть ва Газ қазиб чиқариш» корхонаси, Шаҳрисабз «Дон-Халқ Ризқи» АЖ, Шаҳрисабз «Вино-Ароқ» АЖ, Косон Ёғ-Мой ишлаб чиқариш корхонаси, Каттақўрғон Ёғ-Мой заводи, Ўзкимёсаноат АЖ «Деҳқонобод калий заводи», «Шаҳрисабз мевалари» МЧЖ, «Қамаши Дон Қабул Қилиш» МЧЖ, «Технопарк» МЧЖ, «Қашқадарё Дон Маҳсулотлари» АЖ, «Бухоро Нефтни Қайта Ишлаш» заводи каби бир қатор йирик турдаги ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Корхоналарда амалиёт ўташ учун барча шароитлар яратилган, баъзи корхоналар амалиётчи талабалар учун бепул тушликлар ташкил қилган бўлса, баъзилари ойлик иш ҳақи тўланадиган иш ўринларини яратган. Бу эса ўз навбатида талабаларнинг ўз соҳаларига бўлган қизиқишларини ортишига бир туртки бўлиб хизмат қилади. Амалиётларни юқори савияда ташкил этилиши талабаларнинг назарий ўқиш даврида олган билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамланишига албатта ўз самарасини беради.

Филиалда 2021-2022 ўқув йили учун талабаликка қабул режаси бакалавриатнинг кундузги таълим олиш шакли бўйича беш юз нафар, сиртқи таълим олиш шакли бўйича икки юз етмиш беш нафар этиб белгиланди. Яқин атрофдаги иш берувчиларнинг таклиф ва мурожаатларини инобатга олган ҳолда бакалавриатнинг сиртқи таълим олиш шакли бўйича йўналишларимиз сони ўтган йилникига нисбатан бир нафарга ортди.

Шубҳа йўқки, бу ерда таҳсил олганлар глобал иқлим ўзгаришлари шароитларида жаҳон илм-фанларининг ривожланиш тенденцияларига мувофиқ янги кимё технологиялари яратилишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Бунга филиалда яратилган шароитлар ва кадрлар салоҳияти тўла имкон беради.

Филиал талабаси Намозали Баҳромовнинг айни дақиқаларда ўтаётган амалиёт ҳақидаги фикрларини билдирб ўтди:

— Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий этилган кредит-модуль тизими биз талабаларга катта имкониятлар яратиб берди. Мана шу тизим доирасида баҳорги семестрларни ҳам якунлаб, якуний аттестация имтиҳонларини аъло баҳоларга топшириб, ўз йўналиш ва қизиқишларимиздан келиб чиқиб филиалимиз ҳамкор корхона ва ташкилотларига ўқув амалиёт ойлигига йўл олдик. Барча талабалар қаторида мен вилоятимизнинг Ғузор туманида жойлашган «Шўртан газ кимё мажмуаси» да ўзимнинг амалиёт машғулотларимни ўтамоқдаман.

Корхонада амалиёт ўташ учун барча шароитлар яратилган,бепул тушликлар ташкил этилган. Биз бундан жуда ҳам хурсандмиз. Бунинг учун филиалимиз декани Ҳ.Тилавов ва бошқа масъул раҳбарларга барча талабалар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Таъкидлаш жоизки, бутун ўқув йили ва мана шу амалиёт ойлиги доирасида филиалимиз директори профессор Ш.Муталов томонидан амалга оширилган ва биз талабаларга яратиб берилаётган имкониятларнинг самараси ўлароқ, биз талабалар ўрганган билим ва кўникмаларимизни амалда мустаҳкамлаб, билдирилган ишончни оқлаймиз ва келажакда ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишга ваъда берамиз.

Филиалимизнинг ТМЖ йўналиши талабаси Абдуаҳад Қўйлиев ҳам ўз фикрларини айтиб ўтди:

— Мен Тошкентда жойлашган «Технопарк» ўқув марказида ўқув амалиёт машғулотини ўтамоқдаман. Марказда амалиёт ўташ учун барча шароитлар яратилган, бепул тушликлар ташкил этилган, ойлик иш ҳақи тўланадиган иш ўринлари ҳам мавжуд.

2020 йилдан буён фаолият олиб бораётган «Технопарк» МЧЖ ўқув марказида ВР (виртуал реаллик) тизими жорий этилган. Дастур «Технопарк» мутахассислари томонидан «VRonica» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган. ВР симуляторида 1-босқичда «VR» русумли «OSTEN» газ ҳисоблагичининг механик ва электрон қисмларини йиғиш маҳоратини амалиётда кўриб ўрганмоқдаман. Дарҳақиқат, бундай ўқув марказлари биз талабаларни ўрганган билим ва кўникмалари учун ҳақиқий тажриба мактаби бўла олади.